Фарғона вилоятида тут кўчатлари экиш ишлари олиб борилмоқда
Бугун Фарғона вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида тут кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Боғдод, Қўштепа ва Ёзёвон туманларида тут кўчатлари экиш бўйича семинарлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, тутчилик хўжалигида мавжуд тут кўчатларини кўчириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Жорий мавсумда Фарғона вилояти бўйича жами 1 миллион 969 минг туп тут кўчати экиш режалаштирилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп кўчат Фарғона туманида — 184 минг туп, Бешариқда — 155 минг туп, Боғдодда — 150 минг туп экилиши белгиланган.
Шунингдек, Бувайда ва Данғара туманларининг ҳар бирида 130 минг ва 110 минг тупдан, Ёзёвон, Қува, Олтиариқ, Қўштепа, Риштон, Тошлоқ, Ўзбекистон ва Учкўприк туманларининг ҳар бирида 110–120 минг туп атрофида кўчат экиш режалаштирилган.
Қувасой шаҳри ва Сўх туманида 100 минг тупдан, Фарғона шаҳрида 50 минг туп, Фурқат туманида эса 90 минг туп тут кўчати экиш кўзда тутилган.