«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳақида
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Ўзбекистон Республикасида пиллачилик тармоғини ривожлантириш, ипакчилик соҳасида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, ипак маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган.
Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, ипак қурти уруғи ва пилла етиштиришни ривожлантириш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишдан иборат.
Шунингдек, тармоққа замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга кўмаклашиш уюшма фаолиятининг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Уюшмани ташкил этишнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2856-сон қарори ҳисобланади.